Бир эри ўзбек, бириси хорижлик. (жиноят иши)

—         Ҳой нима қилаяпсан, сени боядан бери чақираяпман-ку.

—         Ҳозир, ҳозир- Гулчеҳра эрининг овозидан уфф деб ёнига келди.Уни кузатиб қўйдию, яна телефонига ёпишди.  У хўжайини совға қилган телефонга турли юкламалар кўчиртириб олганидан бери ҳаёли жойида эмас. “Вой шунча пайтдан бери бундай телефонсиз қандай яшаган эканман-а”, деб ўйлади у, кичкина матоҳининг имкониятларини кўргач. Синфдошинг дейсанми, маҳалладошингми борингки, истаган танишингни тармоқлар орқали бемалол топа оласан. Қариндошлар, дугоналар, овқат рецептини ёинки бозордаги нарх навони ҳам соатма соат узатиб туришади. Керакли кераксиз маълумотларнинг ҳаммаси эртаю кеч телефондан келиб тураверса бунга ўрганиб ҳам қоларкансан. Гулчеҳра кечқурун ижтимоий тармоқда бекорчиликка ўтирганди, тармоқда “Танишамизми?”, деган ёзув пайдо бўлди. Гулчеҳра таваккалига “Танишамиз”, деб ёзиб юборди. Икки фарзанднинг онаси, ўттиздан эндигина ошган эрли аёл ижтимоий тармоқ орқали танишув ўзига қанчалик қимматга тушишини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Мусулмон давлат фуқароси бўлган Камрон у билан ижтимоий тармоқ орқали кунда гаплашаркан, аёл ўзини боши очиқ аёл сифатида таништирди. Уларнинг суҳбатларини таржима қиладиган дастур ҳам тайёр экан. Кундалик ғойибона суҳбатлар уларни бир-бирига анча яқинлаштирди. Гулчеҳра ҳам бўш қолди дегунча интернетга кирар, ўзи ҳам кўрмаган “ошиғи” билан суҳбатлашиб вақт ўтказарди. Эри эса хотинидаги ўзгаришлар сабабини билолмай хуноб бўлар, нима учун хотини унга терс муомала қилаётганини тушунолмасди. Орадан уч ой ўтгач эса, Камрон Гулчеҳранинг қўлини сўради. Бунга жавобан Гулчеҳра уни ўзи яшаётган вилоятга таклиф қилди. Меҳмонхонадан қўним топган “куёв” салкам қирқни уриб қўйганига қарамай, ҳали қуюлмаган, саргузашт излаб келганди. На аёллик ва на оналик унвонини писанд қилмаган Гулчеҳра Камрон билан яширинча никоҳдан ўтади. Бахтли жуфтлик асал ойини нишонлаш учун самарқанд, Бухоро вилоятларига сафарга ҳам бориб келишади. Камрон сахий экан. Гулчеҳрага қалин пули учун нақд 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул беради, 5000 минг АҚШ долларини эса унинг кийим кечагига сарфлайди. Икки болали, эрли келин янги эрининг пули кўплигидан хурсанд, у билан вақт ўтказиш учун эрига турли баҳоналар билан уйидан чиқиб кетаверарди. Аммо, бахтли лаҳзалар узоққа чўзилмади. Камроннинг кўнгил кўчалари шунчалик кенг эканки, у эндиликда Гулчеҳрани ёқтирмай қўйган, қандай қилиб бўлмасин бу аёлдан қутулиш режасини ўйларди.

—         Мен сендан ажрашаман, сенга берган ва сарфлаган пулларимни қайтар.- дейди у Гулчеҳрага.

—         Ҳеч қачон. Агар бирор жойга арз қилгудек бўлсангиз, сизнинг устингиздан номусимга тажовуз қилди, деб ёзиб бераман.- Гулчеҳра энди фирибгарлик қилишга ўтди.

Камрон у деб кўрди, бу деб кўрди бўлмади. Пулларини осонгина қайтариб ололмаслигини билгач, тегишли идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Нада исломни ва на қонунни менсимаган Гулчеҳра эса энди қонун доирасида жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Жиноят иши материаллари асосида З. РЎЗИЕВА тайёрлади.

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
- Joylandi: 05.09.2016 20:59
- Kanal: Xayotiy Xikoyalar!
Izoh Qoldirish!
Siz hali ro'yhatdan o'tmadingiz shu sababdan izoh qoldirolmaysiz, iltimos besh daqiqa vaqtingizni ayamay ro'yhatdan o'ting!
waplogspywap.net
waplog