Қарғишим ўзимга урди (ҳаётий воқеа)

Ўша куни нима бўлди-ю, кичкина қизимни кўтариб, рўпарамдаги қўшнимникига чиқдим. Эшикни ҳеч ким очмади, нариги ёқдаги Зулхумор опа уларни кўргандирлар, деган ўй билан уларнинг очиқ турган эшикларидан мўраладим. Зулхумор опа ўзларига ўхшаб кетадиган бир жувонни кузатаётган эканлар (опалари ё сингиллари бўлса керак), улар билан илиқ сўрашдим, мақсадимни айтдим. «Йўқ, мен Ойсарани бугун кўрганим йўқ, дўкон-пўконга чиқиб кетгандир», дедилар. Уйга қайтиб келдим, бироздан кейин эшик тақиллади, очсам – Ойсара, уйга таклиф этдим. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик.

– Бугун меникига борган экансиз, иш билан бир ёққа чиқиб кетгандим. Боя Зулхумор опани подъездда учратиб қолдим, ўшалар айтдилар, уларникига мени сўраб чиққан экансиз. Биласизми, сизга қанақа айтишниям билмаяпман… Хуллас, улар сиз ҳақингизда, тўғрироғи – қизингиз ҳақида ғалати гап айтдилар. «Чўчқадай семиртириб юборибди қизини, буни эртага қанақа қилиб ўзига келтириб олади, синглимнинг олдида уялиб кетдим», дедилар. Мен эса, «Қизча ҳали чақалоқ-ку, чақалоқларнинг боқуви яхши бўлса шунақа лўппигина бўлишади», деб жавоб қайтардим. Лекин гапи менга ҳам эриш туйилди. Тавба, худди ўзи бола боқиб кўрмагандей гапиради.

Аъзойи баданимдан ўт чиқиб кетай деди, жаҳлим чиққанидан оғзимга келганини қайтармай, уни қарғай кетдим. Обдон қарғаб хуморимдан чиққан бўлсам ҳам, ичимдаги алам ўти ҳали сўнганича йўқ эди. Кечқурун ишдан келган эримга ҳам воқеани айтиб бердим. «Гапирса гапирибди-да, шунга ҳам ота гўри – қозихонами? Қўявер, эл оғзига элак тутиб бўлармиди? Индама. Ўйламай гапириб юборган бўлса керак». «Йўқ, нега индамас эканман, ўзининг болалари чўпдай ориқ, менинг тўрт ойлик қизим семизлиги учун чўчқа бўлиб қолибдими? Ўзининг болалари чўчқа, ўзи чўчқа, ўзи битта қизи касалмандроқ, ўшаниси ўлсин-у, боласиз қолсин, кейин билади, бировнинг боласини чўчқа дейиш қанақа бўлишини».

Бир куни қўшнилар чақириб қолишди, «Зулхумор опанинг қизлари бетобмиш. Кеча касалхонадан уйга олиб келишибди, шунга бирров ҳол сўраб чиқмоқчимиз. Мен эса, ҳали ичимда аламим борлиги учун ҳам ҳаммага эшиттириб: «Мен у хотиннинг уйига қадам босмайман, бировнинг боласини чўчқа дегандан кўра, ўзининг боласига соғлиқ сўрасин эди! Қизи ўлса ўлаверсин, менга нима, мен ўша кунни кўрсамгина хуморимдан чиқаман», дедим-у, эшикни қарсиллатиб ёпганча уйга кириб кетдим.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Зулхумор опанинг ўн олти ёшли қизи вафот этганини эшитиб қолдим, ичим алағда бўлиб кетди-ю, шундаям кўзим очилмади. «Бу кунидан баттар бўлсин, уни мен қарғагандим, ана, қарғишим урди, бундан кейин оғзидан чиқаётган гапига эҳтиёт бўлади», дедим. Қизларининг маъракалари ўтгач, улар кўчиб кетишди.

Қизларим улғайгач, уларни узатдим, неваралар кўрдим. Бироқ, буёғига менинг оиламда муаммо устига муаммолар туғила бошлади. Кичик қизим эгизак – Тоҳир-Зуҳра туғди, лекин ўғли юрагида нуқсон билан дунёга келибди. Уни даволаш учун югуриб-елишди. Мен болани бу ерда операция қилишларига қаршилик билдирдим, яхшиси фалон бир давлатга олиб бориш кераклигини, ўша ерда пулга ҳаммасини яхши қилишларини, таваккал қилмай, уни ўша ерга олиб кетиш кераклиги ҳақида гапирдим. «Нима, болангиздан пулни қизғаняпсизми?» дедим куёвимга. «Йўқ, ойи, ҳаммаси тўғри, лекин бола ҳали кичкина, уни узоқларга олиб кетиш ярамайди, шу жарроҳлик муолажасини шу ерда ҳам қилиш мумкин. Бунинг устига, у ўзимизнинг шифокорлар назоратида бўлгани тузукмикан, деб ўйлаяпман», деди. Лекин мен боланинг тақдири билан ўйнашмай, уни тезроқ хорижга олиб кетиш кераклиги ҳақида гапирардим. Охири хорижга кетишга қарор қилишди. Зуҳрани мен олиб қолдим, улар Тоҳирни олиб кетишди. Лекин бола шўрлик жарроҳлик амалиётини кўтармабди, неварагинам менинг айбим туфайли бу дунёдан кўз юмди. Энг ёмони – ўша юрт қонунларига кўра жасадни ота-она қўлига беришмабди, у бегона юртларда қолиб кетди. Шунгами, куёвим мени кечирмади, уйимга ўзи келиш у ёқда турсин, қизимни ҳам жўнатмай қўйди.

Катта қизим эрининг иши туфайли у билан бирга хорижга кетди, ҳар замонда бир хат ёзарди, ҳозир шуям йўқ. Ўз оиласи, болалари билан овора, мен билан қизиқишга вақти йўқ, чоғи. Эрим катта пул билан тушиб, қамалиб қолдилар. Кейин уйимизда ёнғин бўлиб, бир умр йиққан-терганлар имиз, ҳужжатларимиз ҳам ёниб кул бўлди. Мен бир мирисиз кўчада қолдим. Илтимос қилиб боргандим, ачинибми, ё шундоғам бўш тургани учунми, катта қизимнинг уйини қудаларим вақтинчалик менга бериб туришди. Эрим ҳали-вери қамоқдан чиқмайди. Бир вақтлар бозорнинг энг олди кийимларини кийиб, тилла тақинчоқлар тақиб, маҳаллада бой хотин бўлиб юрардим, энди эса мени кўрган одам ўз ҳайратини яширолмайди. Ўйлайверганимдан , сиқилаверганимда н қанд касаллигини орттирдим, мана икки йилдан бери инсулиндаман. Юрагим безовта қиладиган бўлиб қолган, сочларим оқариб, ўзим ҳам бир аҳвол бўлиб қолдим.

Ўшанда ёшлик қилганман, оғзимдан чиқиб кетган қарғишим ўзимга икки-уч баробар бўлиб урди. Энди эса, вақтни орқага қайтариб бўлмаса-да, ортга назар ташлайвераман, нега ўшанда бунақа бераҳм бўлганим, нега ўйламай бировни қарғаб юборганим ҳақида ўйлаб, қийналаман. Мен бировнинг қизига ўлим тиладим, буни қўшнилар эшитди, у гаплар Зулхумор опанинг ҳам қулоғига етиб боргани аниқ. Ўз навбатида фарзанд доғида куяётган аёл ҳам мени қарғагандир, ё Худога солганмикан? Мен ҳозир Зулхумор опани кўриб қолганимда эди, кечирим сўрардим, қилган гуноҳимдан ўтишини илтимос қилардим. Токи у мени кечирмагунича, ҳаётим ҳам ўз изига тушмаслигини, мен бахт нималигини билмай бу дунёдан ўтиб кетишимни тушундим. Лекин бу орзуйим амалга ошадими-йўқми, буни билмайман…

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
480 YOQDI 6 YOQMADI
- Joylandi: 05.08.2016 21:49
- Kanal: Xayotiy Xikoyalar!
Izoh Qoldirish!
e wawe zorakan
Ismingiz:
E-Mail:
Ko'd:
waplog <
Lower Reklama!
QAYTISH
BOSH SAHIFA

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 9.3

waplog spywap.net SAYSTAT.RU