Moqina.Net
SAYT MENUSI!
QO'SHIMCHA MENU!
REKLAMA!
TAFIYADAGI RASMLAR!
Muxabbat Imtihoni

Ҳар гал олий ўқув юртларидаги имтиҳон жавоблари эълон қилинадиган кун яқинлашганда эр-хотин иккаламиз ширин хотираларни эслаймиз. Ўшанда ҳам имтиҳон эълон қилинадиган кун эди. Ўзимдан катта турмушга чиққан опам ва поччам билан институтга яқинлашарканмиз, мендан ҳам кўра опам кўпроқ ҳаяжонланарди.

— Ишқилиб, кирган бўлгин-да, талаба бўлгин-да, — опам ҳар икки гапнинг бирида шу гапни такрорлар, поччам эса, “шуни айт, шундай бўлсин”, деб уни қўллаб-қувватлаб турарди.

— Опа, ўзи ўн кундан бери нечта тестни тўғри ечдинг, энди нима бўлади, деявериб одамни зериктирдингиз. Энди ҳозир биламиз, ҳадеб куйиб-пишаверманг, — деб койиб бермагунимча битта гапни такрорлайверади.

— Сен ўқишга кирмасанг, мен дадамнинг олдида нима деган одам бўламан? Куёвим шу институтда ишлаб туриб ҳам, қизимга ёрдам бермабди-да, демайдими?

— Унақа демайди, хижолат бўлманг.

— Бўлди, Фази, (поччам опамнинг Фазилат исмини эркалаб Фази деб чақиради) сиқилаверма, ҳозир ҳаммаси аниқ бўлади.

— Почча, опамда фазилатли хислат йўқлиги учун ҳам Фазилат деб эмас, Фази деб чақирасизми?

— Йўқ-йўқ, нимага унақа дейсиз? – поччам кутилмаган саволимдан довдираб қолди.

— Майли, хижолат бўлманг, ҳеч кимга айтмайман, – яна кулгу билан институт дарвозасига келдик.

— Сизлар ўтириб туринглар, мен кириб чиқаман, — поччам мени аядими, ўзиними, бизни ташқарида қолдириб, ичкарига кириб кетди.

Орадан чамаси ярим соатлар ўтди ҳамки, поччам чиқавермади. Опам сал қолса, йиғлаб юборгудек алфозда. Яна ярим соат турсак, опамнинг юраги ёмон бўлиши аниқ.

— Опа, ўзингизни қўлга олинг, бу бор-йўғи ўқиш, эр олмасдан ташлаб кетмаяпти-ку, — уни аврарканман, “онажон, менинг қаҳримдан шу қизингизга ҳам тенг улашмагансиз-да”, деб юборгим келаётганди.

Хайрият, поччам кўринди. Қўлида менинг Давлат тест маркази томонидан берилган ҳужжатим. У биз томонга келаркан, чайналиб томоқ қирарди, унга ёрдам бериш учун ўзим биринчи бўлиб гап бошладим:

— Почча, мақсадга ўтинг, мен киролмабман, шундайми?

— Тестдан тўплаган балларингиз бироз камлик қилибди, лекин шартномага тушганлардан бирортаси пулини тўлолмай, ўқишни рад этса, биринчи сизни олишади. Сиз хафа бўлманг, сиз…

— Бўлди, тушундим, бўлар иш бўлибди, майли, буёғи бир гап бўлар. Энди уйга кетамизми?

— Қанақа қилиб уйга кетамиз, энди нима бўлади? — опам оғир айрилиққа дучор бўлгандек кўзлари ёшланди.

— Қанақа бўларди, таксида кетамиз. Фақат менга битта шоколадли музқаймоқ олиб беринглар. Кейин нима бўлса бўлди.

— Бунинг гапини қаранг, юринг, музқаймоқ олайлик, — деди опам оғир сўлиш олиб.

Дўконга кирдик ҳамки, опамнинг минғир-минғири тинай демасди. У худди пашшага ўхшарди. Ғинғиллаб-ғинғиллаб кайфиятни бузишдан бошқасига ярамайди…

— Барибир қиз бола ўқиши керак-да, — насиҳатини бошлади опам.

— Нимасини айтасиз, опа, қиз бола ўқисин-да, — музқаймоқ сотувчи йигит ҳам гапга аралашди.

— Қаранг, шу оддий факультетга ҳам киролмай, “йиқилиб” ўтирибди, — опам музқаймоқ сотувчига дардини айтиб қолди.

— Ҳа, энди шу оддий факультетга киролмаган бўлса, бунинг учун ҳам қобилият керак, — сотувчи йигит менга қараб жилмайиб қўйди.

— Музқаймоқ сотишга эса, ҳеч қандай қобилиятнинг кераги йўқ, шундайми? – гап билан ўқ узганимдан хурсанд бўлиб, музқаймоқни олиб чиқиб кетдим.

— Кўринганга дардиҳол қилавермагин. Ўзи нега исмингни Фазилат қўйишган? – опамни жеркиб ташларканман, у поччамга “бу шунақа” дегандек бечораҳол қиёфада кўринди.

Уйда ҳам мендан бошқа ҳамма ўқишга киролмаганим учун роса хафа бўлишди. Ойим эса, ўйлаб-ўйлаб, мени шу институтга котиба бўлиб ишга олиб кириш таклифини билдирди.

— Бир йил котиба бўлиб ишлайсан, у ернинг паст-у баландини ўрганасан, кейинги йил кираверасан, — онам дарров шу институтда ишлайдиган бирор таниш қидиришга тушди.

Қидирган одам албатта топаркан. Онам таниш топиб, мен ишга киргунимча ҳар куни институтга бориб, ким шартнома пулини тўлолмади, менга жой бўшадими, деб сўраб келиш менга юклатилди.

— Жой бўшаса, ўқийсан, бўшамаса, ишлайсан, — деган ойимнинг таклифига кўнишдан бошқа чора йўқ эди.

Ҳар куни институтга борарканман, шоколадли музқаймоқ олишни бир марта бўлса-да, канда қилмадим. Лекин менинг эсимда қолган “қобилиятли сотувчи”ни қайта у ерда учратмадим. Ректоратдагилар эса, мен бориб салом бермасимданоқ, “ҳали ҳеч ким рад қилмади, кимдир ўқишдан айниса, ўзимиз хабар берамиз, сиз овора бўлманг”, деб мени қайтаришга уринишарди.

Институтга қатнай бошлаганимнинг тўртинчи куни эди, шекилли, институт қоровулхонасига яқинлашганимда, кимдир ортимдан гапирди:

— Ие, ўқишга киролмаганлар институт остонасини ҳар куни зиёрат қилсам, ўқишга кираман, деб ўйларканда-а?

— Бу иш музқаймоқ сотгандан кўра, фойдалироқ, агар билсангиз, — дедим энсам қотиб.

— Сизга бир сирни айтаман, ҳар куни эрталаб келаяпсиз, ўқишга кириш учун кунига икки маҳал келиш керак. Ана ўшанда ректоратдагилар ҳам, бу қизнинг ўқишга иштиёқи баланд экан, деб кимнингдир ўрнига сизни жон-жон деб қабул қиладилар.

— Балки кунига икки маҳал музқаймоқ сотиб олганлар ўқишга кирар, ана шу сирини айтмадингиз-ку?

— Барибир киролмайсиз, Латофатхон, ўзи сизга Латофат эмас, Офат деб исм қўйишса, яхши бўларкан.

— Кираман, кўрасиз. Кейин майли, сизга марҳамат қилиб, курсдошларимга ҳам айтаман, улар ҳам музқаймоқ сотиб олишади.

“Айрим одамларнинг гапи ўзидан ҳам совуқ” дедим унга эшиттириб институтга кириб кетарканман, кўзимдаги ёшни сездирмаслик учун тезда артиб олдим. Ҳар куни мен ўзимга берилган вазифани бажарарканман, ректоратдагилар билан ҳам анча яқинлашиб қолдик. Қоровулхонадаги нусха эса, ҳар куни айнан мен кетадиган вақтда келиб, асабимга ўйнашдан ҳеч эринмасди.

— Мен ўқишга кирганимда, дўкон эгасига айтинг, қишда ишсиз қоласиз, шунинг учун косибчилик қилишингизга майда-чуйда олиб берсин. Ҳамма курсдошларимни йиғиб, инсонпарварлик юзасидан этикларимизни сизга тиктирамиз.

— Майли, этик тикиш ҳам иш бўлибдими, фақат сиз учун ҳам дўкон эгасидан фаррошликка жой сўрайман, мен этик тиксам, сиз чиқиндиларни тозалаб, ёнимда ойна артиб юрасиз. Роса бир-биримизга ярашамиз-да, — дея ўз гапидан ўзи хурсанд бўлиб кетди.

— Эй, бор-э… музқаймоқ сотавериб, ўзингиз ҳам совуқ, муомалангиз ҳам совуқ бўлиб кетибди.

— Ҳа, энди айни ёзда ҳавони сиз келиб айнитиб кетасиз-ку, менинг муомалам бу совуқдан ўзини ҳимоя қилолмай қолади-да.

Мен бу сотувчи билан ўзимни нима боғлаб турганини билмасдим, билганим, ундан нафратланаман. Одамларнинг устидан кулгани, пичинг тўла гаплари учун уни ёмон кўраман…

— Сен уни ёмон кўрмайсан, яхши кўрасан. Фақат ўзингга ўхшагани учун чидолмаяпсан, — деб фазилатсиз Фазилат опам умрида биринчи марта тўғри гапни айтаётганди.

— Балки ҳақдирсан…

Уринишларим зое кетмади, ҳамма ўқишни бошлаганидан кейин бир ҳафта ўтиб, мен ҳам ўқишга қўшимча қабул қилинганлар сафида эдим. Ўзим билмаган ҳолда қоровулхона ёнидан ўтарканман, ўша “қўпол” гапирадиган йигитни кўзларим билан қидирардим.

Биринчи дарс тугаб, иккинчисига қўнғироқ чалинди. Курсдошлар — ёшлик завқи тўлиб-тошган йигит-қизлар билан чуғурлашиб ўтиргандик. Эшик очилиб, декан муовини кўринди, унинг ёнида эса, не кўз билан кўрайки, ўша музқаймоқ сотувчи.

— Бу киши Маҳмуд Муродов, психологиядан дарс беради. Ёш мутахассис, шу факультетни битириб, ўзимизга ишга келди. Ўйлайманки, тезда тил топишиб кетасизлар.

Мен ўтирган жойимда мулзам тортиб қолдим. У “йўқлама” қиларкан, менинг фамилиямни ташлаб ўтиб кетди.

— Менинг фамилиямни айтмадингиз, ҳали рўйхатга ёзишмабдими, — жонҳолатда сўрарканман, “қовун тушириб” қўйганимни фаҳмладим.

— Баҳодирова, сиз ҳамма рўйхатдан тушсангиз ҳам, менинг рўйхатимда биринчисиз. Борлигингизни билганим учун индамагандим…

Ҳозир ўша воқеаларни кулиб-кулиб эслаймиз. Музқаймоқ сотувчи ўшанда тажриба ўтказаётгани учун сотувчи ролини ўйнаб турган экан. Мен эса, “қобилиятли сотувчи” лақабини ҳалиям унутмадим. Эримнинг эса, бунга изоҳи битта: “Ҳарқалай ўзимнинг сизга ёқиб қолишим ҳам сотувчилик маҳорати, тан олинг”.

Кейин яна баҳс бошланади. Уч ўғлимиз ҳам ҳозир баҳсда биздан қолишмайди.

МУФАССАЛ

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
- Joylandi: 03.08.2016 13:49
- Kanal: Sevgi Xikoyalari!
Izoh Qoldirish!
Wunaqa yahwi voqealar ham bo'larkanuu,zor!
Gap yo qoyil
Love
Имя *:
Email *:
Код *:

waplog
waplog