Ko'zdan Kechirish

Ma'nodor Sovg'a


Мактабни тугатгач, уларнинг ҳаёт йўллари ҳам турли томонга қараб айрилди. Ва фақатгина ғалати бир совға, қачонлардир болаларча дўстлик ҳисси йиллар ўтиб, катта бир туйғуга айланганини билдириб қўйди…

Янги йил олдидан дўстлари уларга қараб, “Балки менга ишонмассизлар, лекин сизлар барибир оила қурасизлар”, деганди. Буни кулиб эслайди Манзура: “Лекин унгача биз Музаффар билан деярли 10 йил кўришмаганмиз.”

Келин-куёв

Уларни ота-оналари бир мактаб, бир синфга олиб келишган. Болакайнинг елкасида улкан сумка, қўлида қарийб ўзи билан баробар гулдаста, у ҳам атрофидаги болаларга ҳайрат билан тикиларди. Устоз уларни бир партага ўтқазади. Уларнинг феъл-атвори турлича эди. Музаффар оғир-босиқ, базўр гапирадиган бола бўлса, Манзура қақажон, бир ерда ўтира олмайдиган шўх қиз эди. У бошқа қизларга ўхшамасди. У доим синфдошлари билан тўп тепиб юрар, жисмоний тарбияда ҳамма қизларни ортда қолдириб маррага биринчи бўлиб келарди. Бироқ баҳолари ҳамиша яхши бўлган, устоз гапирганини дарҳол илиб олиб, дарсдаям доим қўл кўтарарди. Музаффар билан дўстлашиб, танаффуслардаям ё бирга дарс тайёрлашар, ё бирон мавзу бўйича гаплашишарди.

—      Бизни “келин-куёв” деб мазах қилишарди, — хотирлайди Манзура. — Синфдошларим қиз бола ва ўғил бола ўртасида дўстлик бўлиши мумкинлигига ишонишмасди. Албатта, бундан иккимиз ҳам азият чекардик. Гап-сўзларга эътибор бермасликка ҳаракат қилардик. Лекин бориб-бориб, биз бир-биримиз билан дўстлашишдан уяла бошладик.

Катта синфларда улар дўстлардан шунчаки синфдошларга айланишади. Энди Музаффар Манзуранинг сумкасини уйигача кўтариб бормасди, булар деярли унут бўлганди. Лекин улар болаликдан одатланганлари учун ҳам ҳамон бир партада ўтиришарди.

— Биз саккизинчи синфда ўқиётганимизда синфимизга чиройли янги қиз келди. Музаффар дарров унга эътибор бериб, хушомадлар қила бошлади. Ана шу пайтда илк бор юрагимда нимадир ғимирлади. Назаримда, бу ҳақиқий рашк эди!..

Улар бир-бирлари билан жуда иноқ эдилар. Манзура эса бундан руҳан қийналарди. Айни дамда нега бу ҳис уни қийнаётгани ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмаган.

Йўлларимиз айро энди…

Мактабни тугатгач, йўлларимиз икки тарафга қараб айрилди. Мен тиббиёт коллежига ўқишга кирдим. Ундан сўнг институтга қабул қилиндим. Шу тариқа, мен Музаффар ҳақида деярли унутдим. Мен энди уни ортиқ эсламасам керак, деб ўйлардим. Назаримда, у қалбимда бир умрга менинг энг яхши ва самимий дўстим бўлиб қолади. Мен биз ҳеч қачон бирга бўла олмаслигимизни тушунардим. Унинг ўз ҳаёти бор, менинг ўз умр йўлим. Мактабдаги оқшомдан сўнг мен уни бошқа учратмадим. Фақат у ҳақдаги хабарларни синфдошларимдан эшитиб турардим, улар унинг ўқишлари, қандай қизлар билан учрашаётгани ҳақида айтишарди…

Бир куни автобусда уйга қайтаётган эдим, бекатдан бир йигит чиқди. Кўримли, қадди-қомати келишган, жиддий. Мен унга бир қарадиму, донг қотдим. У Музаффар эди! У ҳам менинг нигоҳимни сезди, шекилли, менга боқди. У яхшилаб разм солди. Кейин эса, кўзлари ёниб кетди. Чунки у энди мени таниганди.

Биз бир бекатда тушдик. У менинг анча ўзгарганим, жудаям чиройли бўлганим ҳақида гапирди. У ҳарбийликни танлагани ва шартнома бўйича ишлаётганини айтди. Бирон ерда ўтириш ҳақидаги таклифига рад жавобини бердим. Ахир, у уйланган бўлса, орадан шунча йил ўтиб кетди, нима ҳақидаям гаплашардик? Кечқурун мен беихтиёр яна Музаффар ҳақида ўйлай бошладим. Бизнинг болаларча дўстлигимизда нимадир бўлган… у билан бир партада ўтириш бирам яхши эди… Энди эса у шунақаям кўркам йигитга айланибди. Лекин, энди у меники эмас…

Хаёлан Манзура Музаффар ҳақида бошқа ўйламасликни ўзига ўзи ваъда берди.

         Тақдир битиги

Бир куни у курсдош дугоналари билан ресторанларнинг бирига йўл олди. Ўйин-кулгу авжида, ҳамма хурсанд, Манзура зал ўртасида хиром этаётган кишиларни кузатиб ўтириб, ногаҳон Музаффарни кўриб қолади. Негадир жуда қувониб кетди, секин ўрнидан туриб, у билан кўришиш учун олдига одимлади. Лекин қаршисида Музаффар эмас, буткул бошқа одам турарди. У узр сўраганча, дугоналарининг ёнига келди. Шу чоқ кимдир унинг тирсагидан ушлади. У чўчиб, қўлини тортиб олмоқчи бўлиб ўгирилди-ю, тили калимага келмай қолди… унинг қаршисида Музаффар турарди. “Юр, рақсга тушамиз” деди у. ”Биз ортиқча ҳаракатларсиз, сукутда, бир-биримизнинг кўзимизга тикилиб, рақсга тушдик. Ўша куни биз жуда кўп нарсаларни унсиз тушундик. Энди мен сени ҳеч қаерга қўйиб юбормайман”, деди Музаффар қатъият билан.

—      У мени уйимизгача кузатиб қўйди. Гаплари тугамасди, айниқса, мен тинимсиз гапирардим. Биз мактаб даврларини эслашдик, қизиқарли воқеаларни ёдга олдик. У кетди, мен эса ундан бошқаси менга керакмаслигини тушундим, — дейди Манзура. — Туғилган кунимда у менга чиройли қути совға қилди. Мен унинг ичида узук бўлса керак, деб ўйлагандим. Лекин очсам, сўрғич турарди. “Ҳаётимизда ҳали ҳаммаси бўлади, тилла узуклар, пуллар ҳам, — дея изоҳ берди Музаффар. — Бу муҳим эмас. Муҳими, биз энди биргамиз. Ва сен албатта менга ўғил фарзанд туғиб берасан. Бу эса узуклардан ҳам қимматлироқдир!

Унинг таклифи ҳам ўзига хос бўлди. У тўсатдан кўча ўртасида тиз чўкиб, турмушга чиқишимни сўради. Одамлар бу телбани кулиб кузатишарди. Баъзилар менга сўз қотишди: ”Унга хўп денг, бўлмаса, бояқиш йигит музлаб қолади-я”. Мен ҳам сўрғични эслаб, унга шунақа жавоб қилишни ва уни бироз қийнагим келди. “Йўқ, — дедим ва анча вақт сукут сақладим. Унинг ранги оқариб кетди, мен эса сўзимда давом этдим. — Бундай таклифга қўшилмай иложим йўқ!” Музаффар менга қор ота бошлади, “Абдуллаева, ҳап сеними, шошмай тур”, дея унинг юзи бахтдан порларди…

Уларнинг тўйи жуда дабдабали бўлиб ўтди ва кейин бахтларга тўла оилавий ҳаёт бошланди. Ўша сўрғич эса уларга орадан бир йил ўтиб асқотди. Улар ўғиллик бўлишди.

ЛАЙЛИ

 

Taronani do'stlaringizga Ham Tarqating!
- Joylandi: 10.08.2016 21:29
- Kanal: Sevgi Xikoyalari!
Izoh Qoldirish!
ajoyib xamayam wunaqa baxti xoxlasa kere (Y)
Hamma narsaga osonlik bilan eriwsak hayotning qizig'i qolami
Ismingiz:
E-Mail:
Ko'd:
Moqina.Net » Bosh Sahifaga » Sevgi Xikoyalari!ga » Xikoyalarga
waplog <
Lower Reklama!
QAYTISH
BOSH SAHIFA

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 10.01

waplog spywap.net SAYSTAT.RU