Ko'zdan Kechirish

Чимилдиқ кўрмаган қиз муҳаббати (жиноят иши)


Истироҳат боғи инсонлар тоза ҳавода сайр қилсин, турмуш ташвишларидан чекиниб, бироз бўлса-да, ором олсин, деган ниятда барпо этилади. Ҳар гал истироҳат боғларига борганда яшил табиат, савлат тўкиб турган бир неча йиллик дарахтларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Мен эса ана шу дарахтларга раҳмим келади. Улар забонсиз бўлса-да, қанча рост ва ёлғон изҳорларни эшитиб, сохта муҳаббат номаларини жимгина тинглайди, кўради. Қанчадан-қанча ёш йигит ва қизларнинг учрашувига ҳам гувоҳ бу дарахтлар.

Тошкент вилоятидаги истироҳат боғида сайр қилиб юрган одамларга катта дарахтга беҳолгина суяниб ўтирган қизнинг ҳолати ғалати туюлди. Чунки у анчадан буён дарахтга суянганича, гўё ухлаб ўтирар, бирор ҳаракат қилмасди. Аввалига дарахт ёнидан ўтиб кетаётган йигитлар унга гап отишди.

— Яхши қиз, уйингизга бориб ухланг, бу ерда шамоллаб қолманг тағин. Ҳой қиз, совуқда қотиб қолсангиз, кейин кеч бўлади, — йигитлар баробар кулиб юборишди.

— Тўхтанглар, — деди улар ичидаги синчковроқ Даврон. У яқинроқ бориб, қизнинг елкасидан ушлаб, уйғотмоқчи бўлди.

— Синглим, туринг, ҳой синглим.

У қизнинг елкасидан бир-икки силкиганди, ёнбошга ағдарилиб тушди. Қўрқиб кетган йигитлар шу ердаги ички ишлар идоралари ходимларига мурожаат қилишди. Қизнинг жасади худди тирикдек дарахтга суяб қўйилган экан…

Гўзал коллеждан пахта теримига бордию, у ерга яқин жойда яшайдиган Дилшодни ёқтириб қолди. Йигит бу қизга худди кўп йиллик танишидек, сен деб мурожаат қилар, Гўзал эса буни ўзига яқин олганидан, деб хурсанд бўларди. Ҳар куни йигитнинг шоколадми, ўйинчоқми совға қилиши қизга ёқар, у бошқа курсдошлари олдида ўзича мақтаниб ҳам қўярди: “Шоколадни ҳам ҳар куни есанг, жонга тегаркан, қизлар”. Дугоналари унга ҳавас билан тикилиб турганини кўрган қиз яна зўр бериб давом этарди:

— Дилшод акам уйга қайтгандан сўнг совчи жўнатарканлар, баҳорда тўйимиз бўларкан.

— Йўғ-е, — дугоналари унга ҳавас билан қарашаркан, биргина Дилдора бошқача гап айтди.

— Шошилма, Гўзал, танишганингга энди бир ой бўляпти-ю, сен бўлса, унга бутунлай ўрганиб қолдинг. Ҳали яхши болами, ёмонми, тузукроқ билмайсан-ку.

— Ҳа, ўзинг ҳеч қайси йигит билан гаплашмайсан, шунинг учун ҳам, ҳаммани ёмон деб ўйларкансан-да.

Гўзал дугонасини хафа қилиб қўйганини сезмади. Пахта тугади, энди уйга қайтасизлар, деган куни Гўзал билан Дилшоддан бошқа ҳамма қувонди. Фақат бу икки ёш бир-биридан айро тушишини ўйлаб изтироб чекишарди.

— Қўявер, Гўзал, ҳар ҳафта сизларнинг тумандаги машҳур боққа бораман. Ўша ерда учрашиб турамиз, — деб қизни юпатди йигит.

Ҳар ҳафтанинг шанба куни қиз ўқишга деб чиқиб кетиб, истироҳат боғига борар, у ерда Дилшод билан кўришарди. Уларнинг ўз ўриндиғи, ўз дарахти, ўз гуллари бор эди. Қиз бахтидан гўё осмонларда учиб юрарди. Йигит эса, қизнинг бу қадар ишонувчанлигидан ҳайрон бўларди. Кетма-кет учрашувлар, телефонда тундан тонггача эҳтирос билан шивирлаб гаплашишлар уларни бир-бирига ипсиз боғлаб, гуноҳ сари етаклади. Қиз йигитга бутунлай ихтиёрини берганини билмай қолди. “Энди нима бўлади?” деди Гўзал бутунлай саросимага тушиб.

— Шошилма, жоним, ойим уйнинг таъмирини тугатайлик, кейин совчиликка бораман, деяптилар. Ҳозир уйда усталар ишлаяпти.

Дилшод қизни шундай деб овутди. Гўзал уйда бир-икки кун қайт қилиб юборди-ю, кўнглидаги гумондан қўрқиб кетди. У дорихонадан ҳомиладорликни аниқлайдиган “тест” олиб текширди. Текширув натижасини кўрган қиз бошини чангаллади. “Энди бола катталашса, ота-онамга нима дейман?” Гўзал Дилшодга қўнғироқ қилиб, учрашишимиз зарур, деди. Қизиқ, Дилшод Гўзалнинг фарзандли бўламиз, деганига қиз кутганидек қувониб кетмади. Қуруққина, яхши, деди, холос. У ўн кун ичида албатта онасини юборишини айтиб, қизни тинчлантирди. Қизни-ку тинчлантирди, ўзини эса сира тинчлантиролмасд и. “Агар бу қиздан тезроқ қутулмасам, бу аҳволда шарманда бўламан.” Дилшод, Гўзал осонликча мендан воз кечмайди, ундан бутунлай қутулиш керак, деган машъум қарорга келди. Қарорини дўсти Анварга айтганди, у ҳам маъқуллади. Дилшод қизни боғда кутиб олиб ўлдирадиган, Анвар ён-атрофга қараб турадиган бўлди.

— Гулим, танишим бор, эртага ўша аёллар шифокорига учраб, боланинг аҳволи, қанчалик бўлганини билайлик, кейин шунга қараб, тўй кунини белгилаймиз, — деди йигит қизга телефонда.

Гўзал эртасига Дилшод яхши кўрадиган кўйлагини кийиб, атир-упани суриб, боққа отланди. Боғда уни кутиб олган Дилшоднинг бесаранжомлигини кўриб, қиз ҳайрон бўлди.

— Гулим, шифокор ҳозир мажлисда экан, икки соатларда бўшаркан. Ҳозирча айланиб турайлик…

Улар ўша боғда, азим дарахт тагида суҳбатлашиб ўтиришди. Юр, айланиб келайлик, дея йигит қизнинг белидан ушлаб олди. Қиз айлана-айлана, боғнинг хилват жойига келганини сезмай қолди. Шу пайт Дилшоднинг қўл телефони жиринглаб, Анвар, бўлақол, одамлар йўқ, деб ишора берди. “Гўзал, бўйнингга бир нарса ёпишибди”, деди йигит, аввал биринчи, кейин иккинчи қўли билан қизнинг бўйнини қаттиқ сиқди. “Ҳазиллашманг, Дилшод ака”, дарахтлар орасидаги хилват ўтлоқда қизнинг овозини ҳеч ким эшитмасди. Аввалига, ҳазил деб ўйлагани чинлигини билганида, қизнинг қаршилик кўрсатишга кучи қолмаганди. Қизни бўғиб ўлдирган йигит унинг буюмларини ўша ердаги сувга улоқтириб юборди. Ўлик жасадни эса дарахтга суяб ўтирғизиб қўйди. Бир гуноҳини яшириш учун иккинчи жиноятга қўл урган йигит биргина Гўзалнинг эмас, унинг вужудидаги ўсиб келаётган ўз боласининг ҳам қотилига айланганди. Чимилдиқ кўрмай бадном бўлган қизнинг ота-онаси исноддан бош кўтаролмай қолишди. Гарчи йигитлар қўлга олиниб, тегишли жазога тортилган бўлса-да, уларнинг гуноҳи икки инсоннинг бевақт ўлимига сабаб бўлди.

Жиноят иши материаллари асосида Зуҳра Рўзиева тайёрлади

Taronani do'stlaringizga Ham Tarqating!
- Joylandi: 15.08.2016 18:30
- Kanal: Sevgi Xikoyalari!
Izoh Qoldirish!
uydagilari yaqinlariga xudo sabr bersin!
Exxxx shunday yosh umri uvol ketibdi bechora
Ismingiz:
E-Mail:
Ko'd:
Moqina.Net » Bosh Sahifaga » Sevgi Xikoyalari!ga » Xikoyalarga
waplog <
Lower Reklama!
QAYTISH
BOSH SAHIFA

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 10.01

waplog spywap.net SAYSTAT.RU