Moqina.Net
SAYT MENUSI!
QO'SHIMCHA MENU!
REKLAMA!
TAFIYADAGI RASMLAR!
Uyqusi Ichida Yuradigan Odamlar

Кексаларимиздан кўпинча «Уйқу – ярим ўлим» деган гапни эшитиб қоламиз. Аммо айни мана шу жараёнда ҳам тиним билмайдиган, уйқуда юрадиган, овқатланадиган ва одатий ишларни бажарадиган инсoнлар ҳам бор. Гап ойпарастлар – лунатиклар ҳақида кетаётганини дарҳол англагандирсиз, хойнаҳой.

Ойпарастлик ҳақида бир қанча илмий фикрлар келтирилган бўлса-да, бу ҳолат барибир ўзига хос синоати билан кишиларни ўйлантириб келмоқда.

МАСЖИД ТОМИДА ТУНДА…

– Бир қариндошимизникига меҳмонга боргандим, – дея бошидан ўтган воқеани сўзлаб берди дугонам. – Улар жуда меҳмондўст, мендан бир неча ёш катта қизлари Малика опа билан ҳам анча қадрдонмиз, худди сирдош дугоналардекмиз. Ўша куни ҳам иккаламиз дилдан суҳбат қилдик. Шу сабабдан вақт ҳам алламаҳал бўлганини сезмай қолибман. Уйга кетай десам, унашмади. Мен бўлсам оёқ тираб олдим:

– Хавотир олманг, бирпасда етиб оламан, бугун ой ҳам тўлин экан, ҳали кўчалар ҳам ёруғ.

– Йўқ, бугун бизникида қолаверинг, уйингиздагиларга қўнғироқ қилиб, айтиб қўямиз, – дея қўйишмади қариндошларимиз.

Малика опа билан бир уйда ётдик. Аввал ҳеч бегона жойда ётиб қолмаганим учунми, негадир ухлай олмадим. Хаёлимга турли фикрлар келаверарди. Малика опани уйғотиб, «Мен билан бироз гаплашинг, уйқум келмаяпти», демоқчи бўлдим, аммо безовта қилгим келмади. Кўзим дераза томонга тушиши билан юрагим шувиллаб кетади. Шу куни ой тўлин ва тун ёруғ эди. Шамолда дарахт баргларининг қимирлаши ой нури остида деворда акс этиб, мени янада ваҳимага соларди. Хайриятки, шу пайт Малика опа уйғонди. Хонага бир разм солди-да, индамай ўрнидан туриб, чиқиб кета бошлади. Мен уни чанқаган ёки бирор юмуш билан турган бўлса керак, дея тахмин қилдим ва ёлғиз ўзи чиқмасин, деб ортидан чиқдим. Лекин Малика опа ҳеч қаерга қарамас ва ҳаттоки оёқ кийимини ҳам киймай, кўча дарвоза томон кетар эди. Мен ҳайрон бўлиб қараб қолавердим. Бироқ кўнглим бир ёмонликни сезгандек бўлди. Рости, ўшанда мен у ҳақида ёмон хаёлга бора бошладим. Ярим кечаси, ота-онасига билдирмай, кўчага ёлғиз ўзи чиқиб кетаётганидан ҳайрон бўлдим. Чақирганимда эътибор ҳам бермаганидан кейин, ўзим ортидан боришга қарор қилдим.

Малика опага етиб олиб, йўлидан чиққанимда эса, кўзлари юмуқ ҳолда юриб кетаётганини кўриб, қўрқиб кетдим. Шунинг учун ҳам дарров ортимга қайтиб, оналарини уйғотдим ва ҳаммасини айтиб бердим. Улар эса мендан: «Уни кўчада уйғотиб юбормадингми?» дея сўрадилар ва шошиб ташқарига йўл олдилар. Мен аранг бош чайқаб, уларга эргашдим. Малика опанинг олдига етиб борганимизда, у уйлари яқинидаги масжид томига чиқаётганди. Бир неча дақиқадан сўнг у томда худди ерда юргандек бемалол юрарди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, у яна томдан қайтиб тушди ва бизни ҳам кўрмай, индамай уйга қайтиб, жойига кириб ётди.

Менинг қаттиқ қўрқувга тушганимни сезган Малика опанинг ота-онаси эса: «Яхшиямки, уни уйғотиб юбормабсан, бўлмаса, у ўзини ўша ҳолатда кўриб, қўрқувдан қаттиқ касал бўлиб қолиши ёки томдан йиқилиб кетиши мумкин эди. Энди хавотир олма, ҳаммаси ўтиб кетди», дейишди.

Ҳозир Малика опа тузалиб кетган бўлса-да, мен ҳали-ҳануз ўша воқеадан ўзимга келолмайман, шундай баланд ва юришга ноқулай томда шундай оёқяланг ҳолда қандай қилиб бемалол юриш мумкинлигини ақлимга сиғдиролмайман.

ИЛМИЙ ЖИҲАТДАН ҚАРАГАНДА…

Ойпарастлик ярим уйқу ва ярим уйғоқлик фазасида юзага келади. Бу паллада одам гипнозга ўхшаган онг ўзгариши ҳолатида бўлади. Бунда тери таъсирчанлиги пасаяди ёки йўқолади, баъзи ҳис-туйғу аъзоларининг фаолияти ва шахснинг гипнозга мойиллиги кучаяди. Миядаги «уйқу маркази» тананинг уйқу ва уйғоқлик ҳолатини назорат қилаётиб, уйқу вақтида миянинг бир қисмини ва маълум асабларни беркитиб қўяди. Одатда уйқу маркази ва тана ўзаро билан боғлиқ бўлса-да, баъзан тескариси ҳам бўлади, яъни мия ухлайди, тана эса уйғоқ қолади. Шу ҳолат ойпарастликни келтириб чиқаради.

Ойпарастликка мойиллик кўпинча болалар ва ўсмирларда учрайди. Бу ҳолатнинг инсон учун хавфли бирор жиҳати йўқ. Бироқ тунги «саргузаштлари» давомида киши ўзига ёки атрофидагиларга зиён етказиши мумкин. Ойпарастларнинг 25 фоизга яқини ўзига турли зарарлар етказишади. Ҳатто деразадан тушиб кетиш ҳоллари ҳам учраб туради. Ушбу ҳолат бевосита Ойнинг одамга таъсири билан боғлиқ, номи ҳам шундан келиб чиққан.

 

ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛАМИЗ?

Ойпараст киши бировга зиён етказмаслиги учун тунги «сайр»ларнинг олдини олган маъқул. Бунинг халқ табобатида энг кенг тарқалган чораларидан бири – ётоқ ёнига ҳўл латта ёки шолча тўшаб қўйишдир. Ойпараст ўрнидан турганида, оёғига теккан намдан уйғониб кетади ва ўзига келади.

Шунингдек, ётоқ тепасига турли тинчлантирувчи гиёҳлар қўйиш ҳам наф беради. Тўғри кун тартибига риоя қилиш ва уйқу олдидан ёқимли, тинчлантирувчи мусиқа эшитиб дам олиш ҳам фойдали.

Бундан ташқари, дераза ва эшикларни маҳкам ёпиш ва албатта, ўткир санчилувчи, кесувчи буюмларни олиб қўйиш керак бўлади.

ФАРИДА тайёрлади.

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
- Joylandi: 03.08.2016 13:46
- Kanal: Insoniyat Haqida Faktlar
Izoh Qoldirish!
Uyqusizlik
Имя *:
Email *:
Код *:

waplog
waplog