Mexribon Ota.
somsalar
2017 » Sentyabr » 12


Эсини танибдики, отаси унга нисбатан жуда қаттиққўл эди. Арзимаган нарсага ҳам танбеҳ бераверар, унинг ҳар бир ҳаракатини эътибор билан кузатарди. Қизгина падарини дугоналарининг оталари билан солиштириб, бир куни ҳатто онасига йиғлаб арз қилганди:

– Дадам мени ёмон кўради, яхши кўрганида бунчалик қаттиқ уришмасди…

– Йўқ, қизим, ундай дема! – юпатганди онаизор қизини, – аксинча, даданг сени жудаям яхши кўради, фақат ўзингга билдирмайди, туғилганингда шунақа хурсанд бўлган эдики... Ҳали катта бўлсанг, ҳаммасини тушунасан…

Аммо қиз отаси ҳақидаги фикрини ўзгартирмади: отаси уни яхши кўрмайди!

Йиллар ўтди. Ота назорати, она тарбияси таъсирида ҳавас қилса арзигулик ақлли, одобли қиз бўлиб улғайди. Дугоналари билан бирор ерда тўпланмоқчи бўлишса, дадасидан кўпда рухсат ололмасди, тўй-тантаналарга ҳам дадасининг розилиги бўлмаса, боролмасди. Яна ўша ўй кўнглидан кечарди: отаси уни яхши кўрмайди!

Вақти-соати етиб, рози-ризолик, ёруғ юз билан бахт остонасига қадам қўйди – келин бўлди. Тўй куни қадрдон уйини тарк этар маҳали остонада отасининг пойига бош урди. Отанинг қўллари дуога очилди, овози титраб, жигаргўшасига оқ фотиҳа берди:

– Берган тузимга мингдан-минг розиман, қизим! Борган ерингда тошдай қотгин! Бахтли-тахтли бўлгин! Омин!

Келиннинг кўзлари беихтиёр ёшланди, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Лекин ўша ўйида қолди: отаси уни яхши кўрмаса керак!

Тўйдан сўнг чарлар баҳонасида ота уйига чақирилди. Турмуш ўртоғи, қайнонаси етовида туғилган гўшасига келар экан, кўчаларига бурилишлари билан дарвоза ёнида у ёқдан-бу ёққа бетоқат юриб, ўзларини кутиб турган отасини кўрди. Машинадан туша солиб, қизариб-бўзарган кўйи салом берди. Пешонасидан ўпиб, кўришаётган отасининг кўзларига ёш қалқиганини пайқади. Пайқади-ю ўзинингда мижжалари намланди, аммо қалби бир кашфдан мунаввар эди:

Онаси рост айтган экан, ҳа, падари бузруквори уни жуда-жуда яхши кўрар экан! Қоғоздаги қанддай асраб-авайлаб, тергаб-койиб яхши кўрар экан!
ШИФО СЎРАЙМАН.

Онанин бахти бу фарзанд саналар,
Боласи соғ юрса етади унга.
Ниш кирса юракка ўқлар қадалар,
Ухламасдан улар тунларни кунга.

У ҳам фарзанд кўрди тану жони соғ,
Қувончи сиғмади бутун оламга.
Иккинчи фарзандни ҳам етказди Аллоҳ,
Кўз тегмасин дерди икки боламга.

Йиллар ўтди секин бир бирин қувлаб,
Шўх бўлиб улғайди икки фарзанди.
Энди ҳаётлари турганди гуллаб,
Бирдан бетоб бўлди кичик дилбанди.

Оёғи юрмасдан қолди бехосдан,
Операция қилди қайсидур жаррох.
Жиддий тус олганди касали ростдан,
Онага бир синов берганди Аллоҳ.

Бир йил бўлибдики бола бечора,
Шифтга термулгунча ётар эмиш жим.
Ундан баттар азоб чекмоқда она,
Унинг аҳволини тушунмас ҳеч ким.

Ўтириш мумкинмас, юриш мумкинмас,
Кичкина жонига шунчалар жабр.
Бир жойда ётармиш, туриш мумкинмас,
Она ва болага бер Аллоҳ сабр!

Она дер: Боламга термулиб доим,
Шифо сўраганча тўкаман кўз ёш.
Тузалиб кетсинда ўғлим илойим,
Унинг саволига йўқ менда бардош.

У дейди, онажон тураман қачон?
Тезроқ тузатишсин докторлар айтинг.
Мен ҳам акамдайин юраман қачон?
Жаррох амакидан бир сўраб қайтинг.

Ўртоқларим ҳар куни тепади тўплар,
Ўйнагим келяпти мени ҳам она.
Бирга ўйнашимни кутмоқда кўплар.
Биттта жойда қанча ётаман яна

Дод солиб йиғлайди билдирмай аёл,
Ичидан эзилар юзин беркитиб.
Ўзидан ўтгани ўзига аён,
Жажжи қўлларини ушлар энтикиб.

Ҳали чопқиллайсан, мен айтдим болам,
Аритиб ташлайсан бутун ғамимни.
Қараб туради деб ўйлама онам,
Бўлмаса бераман оёқларимни.

Эй Аллоҳ, шифо бер хасталарга сен,
Сендан умид қилиб қўлларда дуо
Муҳаббатинг чексиз, караминг ҳам кенг.
Мен ҳам дуодаман меҳрибон Худо!

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
somsalar Bloglari XABAR YOZISH
120 YOQDI 3 YOQMADI
Rahmat cool
Zur, ta'sirli
Ismingiz:
E-Mail:
Ko'd:
waplog <
Lower Reklama!
QAYTISH
BOSH SAHIFA

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 10.01

waplog spywap.net SAYSTAT.RU