8 mart tabriklari
Malika
2016 » Mart » 7


Барча ўзбек аёлларига байрам табриги

Сўз топилмас ҳуснига, назокат ҳилқатига,
Илҳом бўлган Навоий, Бобуру, Фурқатига,
Бир сўзим бор айтайин, эркаклар диққатига:
Бу оламда танҳодир Ўзбекистон аёли!

Дунё суяр, Саида ҳам Сакинабонумни,
Бобурни аллалаган Қутлуғнигор хонимни,
Бирам ширин сўз бирла эркалайди жонимни,
Садоқатда бебаҳо, Андижоннинг аёли!

Айтай, тарих гувоҳдир, келди гапнинг хонаси,
Бешигини тебратган Синонинг парвонаси,
Ёдингиздан чиқмасин, Соҳибқирон онаси,
Матонатда тенгсиздир Бухоронинг аёли!

Бир ширин сўз сеҳридан қалбгинаси бўшайди,
Меҳри поёндоз бўлиб, сизга жонин тушайди,
Қаранг, ҳамма қизлари Зулфияга ўхшайди,
Муҳаббатда малика – шаҳри Жиззах аёли!

Ранг олур хушрўйликда, Мирзачўл офтобидан,
Айлагай мутоала Гўзаллик китобидан,
Юзларини ювгайлар қадим Сайхун обидан,
Малоҳатда беқиёс – Сирдарёнинг аёли!

От чоптирар, қўлида бойсунча қамчини бор,
Чанқовузи лабида, эгнида парчини бор,
Унутманг, бу заминнинг Тумарис, Барчини бор,
Шижоатда шашти зўр, Сурхондарё аёли!

Минг йилдирки кетмайди қўлидаги хиноси,
Қулоқдаги сирғаси Бибихоним тиллоси,
Гўзалдил ул духтари, гўзал янгамуллоси,
Назокатда бетакрор – Самарқанднинг аёли!

Жамолингга зеб бергай Оқсаройнинг висоли,
Номусда ҳамиятли, ориятнинг тимсоли,
Абдуллонинг онаси - Турди Карвон мисоли,
Хаёлотда ҳилқатсан, Қашқадарё аёли!

Ўзбекойим лутфидан севиб, меҳр тотдилар,
Хиёнатда айблашиб, Зайнабга тош отдилар,
Унут бўлмас ҳеч қачон, Фармонбиби, Соттилар,
Адолатда аҳди зўр, Тошкентимнинг аёли!

Асли шу юртдан эрур, муҳаббатнинг илдизи,
Хотирадан ўчмагай, Мукаррама, Қундузи,
Санъатимнинг кўкида порлар икки Юлдузи,
Оҳ, сен бунча фусункор, Фарғонанинг аёли!

Қуёшдандир аслида, юзларининг лўпписи,
Бошларида ярақлар қадим Чустнинг дўпписи,
Жоним садқа шу тилга, ширин “утти-утти”си,
Тилларида боли бор, Наманганнинг аёли!

Тупроғининг зарраси олтинга ўхшар бунда,
Зарафшонга ой юзи жилмайиб тушар бунда,
Буюк шоир армони - Гулилар яшар бунда,
Шеърларимнинг илҳоми – Навоийнинг аёли!

Бир кўрдиму, ҳуснига бўлиб қолдима ошиқ,
Шақирдоғи шақирлар бармоғида “шақа-шуқ”,
Тилдан тушмайди сира, Лазги деган бир қўшиқ,
Тарихимга тиллақош – Хоразмнинг аёли!

Ойнинг рашки бор эмиш, ул кўзлари шаҳлода,
Бори чирой шундадир, шамсияий – заҳрода,
Садоқат игнасида ўтов тикар саҳрода,
Муҳаббатда мардона – Қорақалпоқ аёли!

Сўз топилмас ҳуснига, назокат ҳилқатига,
Илҳом бўлган Навоий, Бобуру, Фурқатига,
Бир сўзим бор алпқомат эркаклар диққатига:
Бу оламда танҳодир Ўзбекистон аёли!

Do'stlaringizga Ham Tarqating!
Malika Bloglari XABAR YOZISH
186 YOQDI 2 YOQMADI
Ismingiz:
E-Mail:
Ko'd:
waplog <
Lower Reklama!
QAYTISH
BOSH SAHIFA

WEB | Copyright Design by ISLIMBEK
Design version 10.01

waplog spywap.net SAYSTAT.RU